“Локомотив” аъзоси Икром Алибоев 4 та учрашувга дисквалификация қилинди

ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилишида Суперлиганинг бир қатор учрашувларидаги баҳсли вазиятлар ўрганиб чиқилди.

31 март куни Суперлиганинг 4-тури доирасида АГМК ҳамда “Локомотив” клублари ўзаро тўқнаш келганди. Мезбонларнинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етган учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларида ҳар икки жамоа футболчилари ўртасида жанжал келиб чиққан.

ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси мазкур учрашувни ўрганиб чиқди. Ишни ўрганиш жараёнида учрашув рефериси Акобирхўжа Шукуриллаевнинг ёзма аризаси ҳамда берган кўрсатмалари, АГМК — “Локомотив” ўйинининг “Спорт” телеканалидаги трансляцияси ҳамда АГМК футбол клуби томонидан ПФЛга тақдим этилган учрашув видеосидан фойдаланилди. Шунингдек, ПФЛ комиссари бўлиб ўтган воқеа юзасидан ўз кўрсатмасини берди.

ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси “Локомотив” футболчиси Икром Алибоевни жамоаси иштирокидаги 4 та ўйиндан дисквалификация қилди. Эндиликда у “Қўқон-1912”, “Насаф”, “Сўғдиёна” ва “Бунёдкор” клубларига қарши 5-6-7-8-тур ўйинларида жамоасига ёрдам бера олмайди. Тажовузкор ҳатти-ҳаракати учун АГМК билан ўйиннинг 94-дақиқасида майдондан четлатилган Алибоевга, шунингдек, 10 миллион сўм жарима ҳам солинди.

Комиссия аъзолари мазкур ҳолат учун фақатгина Икром Алибоевнинг ўзи айбдор эмас деган қарорга келди. Боиси, жанжалда ҳар икки клуб вакиллари ҳам иштирок этган. Шундан келиб чиқиб, қўмита Тартиб-интизом кодексининг 2-боб 5.36 бандига асосан АГМК ва “Локомотив” клубларини 25 миллион сўмдан жаримага тортди.

 

Огоҳлантириш

Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг 2018 йил 12 март кунги 35-сонли буйруғига мувофиқ Суперлига футбол клублари мураббийлари кенг омманинг эътиборида бўлиши ҳисобга олиниб, улар ўйиндан олдин, ўйин вақтида ва ундан кейинги расмий маросимларда расмий кийимда (костюм, шимда ва галстук таққан ҳолда) бўлишларини таъминлаш белгилаб қўйилган ҳамда клублар раҳбарияти бу борада ёзма равишда хабардор қилинганди.

Суперлиганинг 4-туридан ўрин олган АГМК — “Локомотив” ўйинида мусобақани ўтказиш учун масъул ташкилот юқорида белгилаб берган тартибнинг бузилиши ҳолати кузатилди. Суперлига клублари бош мураббийлари юқоридаги топшириқни бажарди, бироқ “Локомотив” клуби мураббийлари 3-турда мазкур топшириққа эътибор қаратиб, 4-турда яна ўзи билганича иш тутди.

ПФЛ томонидан белгилаб берилган талабнинг бузилиши ҳисобга олиниб, ЎФАнинг Тартиб-интизом кодексининг 4-боб, 5.57 бандига асосан “Локомотив” футбол клуби ёзма равишда огоҳлантирилди. Бундай ҳол қайта такрорланса, жамоага моддий жарима солинади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply