Суперлига клублари ва стадион директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Футзал Ассоциацияси мажлислар залида Суперлига клублари директорлари ва стадионлар директорлари иштирокида мажлис ўтказилди.

Ушбу мажлисда, клублар ва стадионлар инфратузилмасини янада яхшилаш, мухлисларни яна стадионларга қайтариш, мухлислар ташрифини ошириш, барчани футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати учрашувларига жалб этиш бўйича чора тадбирлар кўриб чиқилди.

Ушбу мажлисда ЎзПФЛ Бош директори ўринбосари Мирсардор Алимов стадионларга мухлисларни жалб этиш борасида клублар нималарга эътибор қаратиши кераклиги ва бу борада амалга оширилаётган ишлар борасида йиғилганларга маълумот берди. Жумладан, айни дамда Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси масъул ходимлари футбол бўйича Ўзбекистон Чемпионати учрашувларига мухлисларни жалб этиш учун янгиликлар ва янги лойиҳалар қилаётгани, ҳатто Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорлик қилиш учун ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Аммо шунга қарамай стадионларга ишқибозларни янада кўпроқ жалб қилиш, Суперлиганинг ҳар бир ўйинида стадионлар тўлишини, стадионда байрамона муҳит ҳукмронлик қилиши учун яна қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги ҳақида айтиб ўтди. Бу борада тайёрланган махсус тақдимот йиғилганларга намойиш қилиниб, стадионларга келаётган мухлислар орасида мухлислик маданиятини шакллантириш борасида амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳақида тушунтириш берилди.

Мухлисларни стадионларга жалб қилишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ёшлар Иттифоқи, “Маҳалла” хайрия жамғармаси ва “Ўзбектуризм” билан ҳамкорликда иш олиб боришга ҳам алоҳида аҳамият қаритилди. Жумладан, юртимиздаги мактабгача таълим муассасалари катта гуруҳлари ва ўрта мактабларнинг 1-4-синф ўқувчилари учун стадионларга экскурсиялар уюштириш, стадионларда жажжи болакайлар учун қўшимча аттракционлар барпо қилиш зарурлиги маълум қилинди. Бундан ташқари, Олий ўқув юртларида таълим олаётган талабалар талабалик гувоҳномаларини кўрсатган ҳолда стадионларга бепул ташриф буюришларини йўлга қўйиш ҳам таъкидлаб ўтилди. Чет эллардан Ўзбекистонга келаётган туристлар учун стадионларимизга турлар уюштириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, икки кундан кейин бошланадиган Про-лига учрашувларининг очилиш маросимларини ҳам худди Суперлига ўйинлари очилиш маросимлари каби байрамона руҳда ўтказиш, учрашувлардан аввал турли дастурлар тайёрлаш борасида фикр алмашилди.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply