Юрт футболи ривожи ҳақида гап кетар экан, биринчи галда барчасига пойдевор аталмиш болалар футболига эътиборли бўлиш лозимлигини мамлакатимизда болалар футболига қаратилаётган ғамхўрлик мисолида кўриш мумкин. Айниқса, футболимизда юз берган ва бераётган ислоҳотларнинг энг аввалида айнан болалар ва ўсмирлар футболи турганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Айни соатларда Республикамизнинг турли ҳудудларида боалар ва ўсмирлар ўртасида турли мавқедаги мусобақалар авж олаётган пайтда икки клубимизнинг икки-учтадан ёш тоифадаги жамоалари хориж мамлакатлардаги халқаро турнирларда иштирок этишмоқда.
Ўзбекистон футбол Ассоциациясининг биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ўтган йили Қатар футбол Уюшмасининг президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ол Таний билан учрашуви ва унда имзоланган меморандумга кўра “Насаф” футбол мактабининг учта ёш тоифадаги жамоаси айни пайтда Қатардаги дунёга машҳур “Aspire” академияси ташаббуси билан анъанавий ўтказиладиган Осиёнинг энг яхши академиялари тарбияланувчилари иштирокидаги мусобақада қатнашмоқда.
Нурали Султонов ва Насим Шойимов мураббийлигидаги 2000 йилда туғилганлар, Павел Кшнякин устозлигидаги 2001-2002 йилда туғилганлар ҳамда Умар Раҳматуллаев ва Жасур Иброҳимов бош мураббийлик қилаётган 2003 йилда таваллуд топган футболчилар биттадан ўйинларини ўтказиб бўлишди.
Туниснинг “Etoulie Du Sahel” академияси тарбияланувчиларига қарши майдонга тушган қаршиликларнинг 18 ёшдаги гуруҳи учрашувни 2:2 ҳисоби билан тугатган ҳолда пенальтилар сериясида имкониятни бой бериб қўйди – 3:4.
“Насаф”нинг 17 ёшлилардан иборат вакиллари эса рақиблари билан дуранг ўйнадилар ва бу сафар қаршиликлар пенальтини ўз фойдаларига ҳал этишди – 4:3. 15 ёшли вакилларимиз эса тенг курашлар остида кечган ўйинда 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради.
Қатарда ютуқ ва мағлубиятлар қайд этилаётган пайтда Туркиядаги ёшларимиз рақибларини йирик ҳисобларда мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқишмоқда. Гап “Локомотив” клуби тарбияланувчилари ҳақида боряпти.
Клубнинг 2006 ва 2010 йилларда туғилган ўсмирларидан иборат икки тоифадаги жамоаси Туркияда ўтказилаётган анъанавий “Sidestar” мусобақасида иштирок этмоқда. Турнирда Россия, Германия, Руминия, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Сурия ва Ўзбекистондан ташриф буюрган жамоалар бешта ёш доирасида (2006-2010 йилларда туғилганлар) қатнашмоқда. “Локомотив”нинг 12 ёшлилар жамоаси ўз гуруҳида “Ватан” (Боку), “Ажария” (Батуми), “Гоктурк Сарой” (Истанбул), “Манавгатспор” (Анталия), “Бурса Миллетспор” (Бурса), “Бурса Заферспор” (Бурса) жамоалари билан баҳс олиб боряпти. 8 ёшлилар эса икки таркиби билан “Локомотив” (Москва), “Казанка” (Москва), “Олтин Тож” (Ашхабод), “Гоктурк Сарой” (Истанбул) ҳамда “Манавгатспор” (Анталия) жамоаларига қарши майдонга тушяпти.
“Side star Сup” мусобақасида иккинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда
“Локомотив”нинг U-12 жамоаси аввалига рақиблари “Ажария” (Батуми)ни 5:2 ҳисобида таслим этганди, кеча эса Озарбайжоннинг “Ватан” жамоасини ҳам йирик ҳисобда мағлуб этишди – 7:2. “Локомотив-1” (U-8) эса москвалик номдошларини 9:4 ҳисобида енгишнинг уддасидан чиқишди.
«Локомотив» U-12 аъзоси, икки тур якунига кўра турнирнинг тўпурарлар карвонига сарбонлик қилаётган ҳужумчи Рахматулла Тиллаев тўп учун курашда рақибини енгмоқда.
Турнир давом этмоқда.
Манба:pfl.uz