“Ифтихор” тарбияланувчилари Олимпиячиларимиз билан учрашишди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг “Ифтихор” профессионал футбол клуби маррани баланд олган ҳолда кундан-кунга профессионлик сари қадам ташламоқда. Айни пайтда Про-лигада муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилган жамоа болалар ва ўсмирлар футболига жиддий эътибор қаратаётгани тизимли ишлар амалга оширилаётганидан далолатдир.

Кеча “Ифтихор” жамоаси навбатдаги хайрли тадбирни ўтказди.

Маълумки, бугун Фарғонадаги “Истиқлол” ўйингоҳида Ўзбекистон ва Кения олимпия терма жамоалари халқаро ўртоқлик учрашувида жавоб учрашувини ўтказишади. Бу жамоаларнинг Андижонда ташкиллаштирилган дастлабки ўйинида омад кенияликларга кулиб боққанди. Кеча эса бу икки жамоа ўйин олди машғулотларини ўтказишди.

Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси машғулотни бошлашдан олдин “Ифтихор” футбол мактабининг 2004 йилда туғилган ёш футболчилари билан учрашув ташкил этди. Хитойда чемпионликни қўлга киритган ўғлонларимиз билан уюштирилган мазкур  учрашув  ёш футболчилар учун унутилмас воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ўз ўрнида ёш футболчилар  Ўзбекистон олимпия терма жамоасига бўлажак учрашувда омад тилади.

Умуман олганда, “Ифтихор” жамоаси истеъдодли ва салоҳиятли футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, миллий терма жамоалар ва профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш, шунингдек, жойларда ёш иқтидорли ва салоҳиятли футболчиларни танлаб олиш (селекция) ва уларни профессионал тарзда тайёрлаш ҳамда  миллий терма жамоалар учун муносиб кадрларни етказиб бериш борасида кенг кўламли ишларни бошлаб юборган.

“Ифтихор” жамоасининг 2004 ва 2006 йилда туғилган тарбияланувчилари эртага Тошкентда старт оладиган “Наврўз Кубоги”да иштирок этади.

Манба:pfl.uz

Leave a Reply