«Ал-Ваҳда» ўзида «Зобаҳан»ни йирик ҳисобда енгди ва «Локомотив» учун умид учқунларини ёқди

Осиё чемпионлар лигаси 4-туридан ўрин олган “Ал-Ваҳда” – “Зобаҳан” учрашуви ўз ниҳоясига етди.

Муросасиз кечган баҳсда мезбонлар йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритдилар.

Биринчи бўлим нисбатан сокин кечди ва ўйин темпи жуда суст бўлди. Бироқ мезбонлар тайм охирида рақиб дарвозасини ишғол қилишга эришдилар. 45-дақиқада Себастиан Талиабу жарима майдони ичида ёлғиз қолдирилди ва бундан унумли фойдаланган амирликлар сардори ўйиндаги ҳисобни очди.

Иккинчи бўлим меҳмонларнинг ҳужумлари билан бошланди, аммо тўп киритиш “Ал-Ваҳда” футболчиларига насиб этди. 57-дақиқада Мурод Батна жарима майдонига ёриб кирди ва тўпни айлантирган ҳолда дарвозанинг тўққизлик бурчагига жойлаб қўйди.

Шундан сўнг ўйин тизгини буткул мезбонлар томонига ўтди ва тез орада учинчи гол ҳам урилди. 65-дақиқада Батна ўнг қанотдан рақиб жарима майдонига кириб борди ва тўпни Муҳаммад ал-Акбарийга узатди, у эса ҳотиржам тарзда жамоасининг учинчи голини урди.

Шу тариқа, “Ал-Ваҳда” нафақат ўзи учун, балки ҳамюртларимиз “Локомотив” жамоаси учун умид учқунларини ёқди. Таъкидлаш жоиз амирлик футболчиларнинг уч нафари сариқ карточкалари йиғилиб қолганлиги сабаб, “Локо”га қарши ўйинни ўтказиб юборади.

ОЧЛ-2018, 4-тур

“Ал-Ваҳда” – “Зобаҳан”  3:0 (1:0, 2:0)

Голлар: 1:0 – 45 Талиабу, 2:0 – 57 Батна, 3:0 – 65 ал-Акбарий.

Гуруҳдаги вазият билан танишинг:

Манба: www.uff.uz

Leave a Reply