Суперлиганинг энг муҳим 10 трансфери

Икки йил олдин 2,1 миллион евро трансфер пули эвазига “Бунёдкор”дан…

Ушбу ҳафтадан янгича кўринишдаги Суперлига баҳслари старт олмоқда. Мамлакатимизнинг 12 клуби мухлисларга чинакам шиддатли ва қизиқарли қарама-қаршиликларни тақдим этишга шай туришибди. Янги мавсумга барча клублар таркибларини кучайтириб, тайёргарлик кўришди. “Эрудит Спорт” қуйида барча клублардаги трансферларни таҳлил қилиб, энг муҳим 10 та трансфер рейтингини тузди.

  1. САРДОР РАШИДОВ

Собиқ клуби: «Ал Жазира» (БАА)

Янги клуби: «Локомотив»

Икки йил олдин 2,1 миллион евро трансфер пули эвазига “Бунёдкор”дан “Ал Жаиш” клубига ўтган Сардор Рашидов Қатар ва БААдаги фаолиятидан кейин яна ортга қайтди. 26 ёшли футболчи нафақат “Темирйўлчилар”нинг балки Суперлиганинг асосий трансферларидан бирига айланди.

  1. АКМАЛ ШОРАҲМЕДОВ

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Пахтакор»

Ўтган мавсумда “Бунёдкор”дан “Насаф”га ўтиб, бир йил Қарши клубида тўп сурган Акмал Шораҳмедов 2018 йилдан яна Тошкентда, бу сафар “Пахтакор”да тўп сурадиган бўлди. Тажрибали ҳимоячи “Шерлар”нинг асосий харидларидан бирига айланди.

  1. БАҲРОМ АБДУРАҲИМОВ

Собиқ клуби: «Насаф»

Янги клуби: «Пахтакор»

Андижонлик футболчи бир неча йил давомида “Насаф”нинг асосий фигураларидан бири бўлиб келганди. Ҳужумкор яримҳимоячи бу йил чемпионликни мақсад қилган “Пахтакор” билан ўз орзуси учун ҳам курашади.

  1. АЗИЗ ИБРАГИМОВ

Собиқ клуби: «Спартак» (Латвия)

Янги клуби: «Бухоро»

2016 йилги мавсумда “Бухоро” билан 4-ўринни олган Азиз Ибрагимов 2017 йилда Латвия чемпионатида “Спартак” клуби билан чемпионликка эришгач, яна “Бухоро”га қайтиб келди. Тажрибали футболчи бухороликлар билан энди совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

  1. ШЕРЗОД КАРИМОВ

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Локомотив»

“Пахтакор” сафидаги 10 йиллик фаолиятидан кейин Шерзод Каримов жамоани тарк этиб, “Локомотив”га ўтди. Қанот яримҳимоячиси “Локо”дан “Пахтакор”га қайтган Жалолиддин Машариповнинг ўрнини билинтирмасликка интилади.

  1. ДАВРОН ҲОШИМОВ

Собиқ клуби: «Пахтакор»

Янги клуби: «Навбаҳор»

Суперлиганинг энг тезкор ва қўпол ҳимоячиларидан бири Даврон Ҳошимов “Пахтакор”ни тарк этиб, дастлаб “Қўқон-1912” жамоаси таркибига қўшилган бўлса, кўп ўтмай “Навбаҳор” билан шартнома тузди. Даврон Наманган клуби билан совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

  1. САНЖАР РАШИДОВ

Собиқ клуби: «Сўғдиёна»

Янги клуби: «Насаф»

Сардор Рашидовнинг укаси ҳам акаси сингари ОЧЛда иштирок этиш учун клубини ўзгартирди ва “Насаф” сафига ўтди. Сўнгги мавсумларда “Сўғдиёна” етакчиси сифатида гавдаланган яримҳимоячи Қарши клуби билан бирга чемпионлик учун кураш олиб боришни мақсад қилган.

  1. НИВАЛДО

Собиқ клуби: «Динамо» (Белоруссия)

Янги клуби: «Локомотив»

Бразилиялик футболчи ОЧЛнинг дастлабки турида қандай ўйинчи эканлигини кўрсатганди. Ҳужумкор футболчи “Локо” сафида ОЧЛ ва Суперлига баҳсларида муҳим фигуралардан бирига айланса, ажабмас.

  1. ФИЛИПП РАЙЕВАЦ

Собиқ клуби: «Қўқон-1912»

Янги клуби: «Бунёдкор»

Ўтган мавсумда “Қўқон-1912” клуби сафида ажойиб ўйинлари билан барчанинг эътиборига тушган сербиялик футболчи янги мавсумни “Бунёдкор” сафида ўтказади. Миржалол Қосимовнинг асосий харидига айланган футболчидан “Бунёдкор”нинг умиди катта.

  1. ШАВКАТ САЛОМОВ

Собиқ клуби: «Атирау»

Янги клуби: «Бухоро»

Қозоғистондан яна жонажон клуби “Бухоро”га қайтган Шавкат Саломов икки йил олдингидек бухороликларнинг майдон марказидаги муҳим ўйинчиларидан бирига айланиши муқаррар. Саломов анча кучли таркибни ўзида жамлай олган “Бухоро”ни совринли ўринлар сари бошлаши керак.

Шунингдек, ушбу рўйхатнинг давомига Фаррух Сайфиев (“Пахтакор”), Шаҳбоз Эркинов (“Бухоро”), Баҳодир Насимов (“Бухоро”), Шохруз Норхонов (“Сўғдиёна”), Шукурали Пўлатов (“Нефтчи”), Неманья Йованович (“Қизилқум”), Баҳодир Пардаев (“Қўқон-1912”), Игорь Йелич (“Локомотив”)ларни ҳам қўшиш мумкин.

Манба: www.erudit-sport.uz

Leave a Reply