Икки кун (23-24 февраль) давомида “Насаф” ФК Академияси яшил майдонларида нафақат воҳа, балки Республика футболи ривожига салмоқли ҳисса қўшган фидоийи инсон, ўз даврида Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган марҳум Нуриддин Зайниевич Зайниев хотирасига бағишланган биринчи халқаро хотира турнири бўлиб ўтди. Унда – “Насаф” (Қарши), “Шўртан” (Ғузор), “Машъал” (Муборак) ҳамда “Регар-ТадАЗ” (Турсунзода, Тожикистон) каби жамоаларнинг 18 ёшгача бўлган ўсмирларидан иборат футболчилар иштирок этишди.
Дастлабки куни, ярим финалларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
“Насаф” – “Машъал” – 4:1, “Шўртан” – “Регар-ТадАЗ” – 4:2.
Турнирнинг ҳал қилувчи кунида бош соврин учун майдонга “Насаф” ҳамда “Шўртан” жамоалари тушишди. Унда турнир мезбонлари 4:0 ҳисобида зафар қучишди.
Учинчи ўрин учун кечган баҳснинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида мубораклик футболчилар ғалаба қозонишди.
Шундай қилиб, Абдураҳмон Юмангулов ва Ихтиёр Каримов мураббийлигидаги ғузорлик ёш футболчилар Нуриддин Зайниев хотирасига бағишланган халқаро турнирда совриндор бўлишди.
“Шўртан” ПФК матбуот хизмати бўлими.