Асрор АЛИҚУЛОВ:“СУПЕРЛИГАГА ЧИҚИШ ВАЗИФАСИНИ УДДАЛАЙМИЗ”

Хабарингиз бор, янги йилнинг дастлабки ойида “Шўртан” жамоаси бошқарувида бир қатор ўзгаришлар юз берди. Улар орасида Асрор Алиқуловнинг бош мураббий этиб тайинланиши, айни диққатга молик воқеа, дейишимиз мумкин. Ушбу мутахассис ўз вақтида ғузорликлар таркибида аввал футболчи сифатида, кейин эса мураббий бўлиб фаолият кўрсатганди. Бир сўз билан айтганда, Алиқулов учун Ғузор жамоаси бегона эмас. Ўтган йили “Машъал”ни ПРО-Лигада ғолибликка олиб келган мутахассис, энди “Шўртан” билан юксак марраларни забт этиш учун қадам ташлайди.
Куни кеча “Оқ бўрилар” жамоаси ҳам қишки ўқув-йиғин машғулотларини бошлади. Шу муносабат билан биз бош мураббий Асрор Алиқуловни мухтасар суҳбатга чорладик:

– Аввало, ўзингиз учун қадрдон бўлган “Шўртан” жамоасига келишингиз қандай рўй берди, шу ҳақда гапириб берсангиз?
– Жамоа бошқарувида ўзгариш юз бергач, Ш.Ярулин ишга таклиф қилди. Шамил Самигуловични олдиндан яхши биламан, ўз ишининг билимдони, тажрибали инсон. Олдига қўйилган ҳар қандай вазифа ва мақсад сари дадил интилувчан раҳбар сифатида ҳурмат қиламан. Шунинг учун ҳеч иккиланмасдан розилик билдирдим. Қолаверса, “Шўртан” мен учун бегона жамоа эмас.
– Мураббийлар гуруҳида Сизга қайси мутахассислар ёрдам беришади?
– Мавсум давомида Ботир Қодирқулов ва Акмал Саитқулов, шунингдек, дарвозабонлар мураббийи Шерзод Каттаевлар билан бирга ишлаймиз.
– Бошланган йиғин режаси ҳақида тўхталсангиз: қандай тартибда кечади, нечча кун давом этади ва қайси жойларда ўтказилади?
– Шу кунларда мавсум учун сарфланадиган ҳаражатлар лойҳаси тасдиқланса, клуб раҳбарияти билан маслаҳатлашган ҳолда режага ўзгартириш киритиб бораверамиз. Ҳозирча эса машғулотларнинг биринчи босқичини бошладик. Икки ҳафта давомида Ғузорда бўламиз. Кейин эса пойтахт томонларга борамиз. Чунки мавсум арафасида синов назорат учрашувлари ўтказишимиз ва ўйинчилар амалиётини шакллантириб боришимиз керак бўлади. Тошкентда рақиб жамоалар топиш масаласи осонроқ ҳал бўлади.

– Бошқа кўпгина жамоалар мавсумга тайёргарлик ишларини анча олдин бошлаб юборишган. Бу борада, “Шўртан” бироз кечикмадимикан?
– Ҳа, шундай. Кечикканда ҳам анча орқада қоляпмиз. Лекин қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Йўқотилган вақтни ўрнини тезкорлик билан тўлдириб боришга ҳаракат қиламиз.
– Барибир бу ҳолат баъзи бир муаммоларни келтириб чиқарса керак?
– Тўғри, ишимизга таъсири бор. Мана мисол учун таркибга таклиф қилмоқчи бўлган баъзи футболчилар бошқа жамоалар билан шартнома тузиб қўйган. Лекин юқорида айтганимдек, қараб турмаймиз, селекция ишларини жадаллик билан олиб борамиз, вазиятдан яхши томонга чиқиб кетишнинг йўлларини қидирамиз.
– Айни пайтдаги тайёргарлик жараёнларида нималарга урғу берилмоқда?
– Машғулотлар кунига икки маҳалдан ўтказилмоқда. Даставвал, эътиборимизни кўрикдан ўтаётган футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тиклашга қаратамиз. Кейин эса аста-секин техник-тактик тайёргарликка урғу берамиз.
– “Шўртан”нинг олдига бу йилги мавсумда Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган. Бу биринчи навбатда кўп минг сонли Ғузорлик ва шубҳасиз, “Шўртан” жамоасининг фидойи мухлислари томонидан билдирилаётган хоҳиш-истак. Кейин эса раҳбариятнинг талаби. Айтингчи, вазифа оғир эмасми, қанчалик даражада бажариш мумкин?
– Нафақат футболда, умуман олганда барча соҳаларда осон иш ёки енгил вазифанинг ўзи йўқ. Аммо аҳил жамоа бўлиб, бир мақсад сари уюшқоқлик билан ҳаракат қилсак, футболчиларимиз майдонда иштиёқ билан тўп суришса, албатта, мақсадга эришамиз. Бунинг учун Ғузорда барча шарт-шароитлар бор. Қолаверса, раҳбарият билан ҳамфикрликда иш олиб борсак ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиши шубҳасиз.

– Ўз ўрнида ўтган йили ПРО-Лигада ғолибликни қўлга киритганингизни таъкидлаб ўтиш жоиз…
– Бу борада етарлича тажрибамиз бор. Билим ва малакамизни ишга соламиз. Футболчиларни ҳар бир ўйинга фақат ғалаба руҳида тайёрлаймиз. Бугунги ютуқ эртанги ўйин учун рағбат бўлиб хизмат қилиши керак. Муваффақиятдан ҳаволаниб кетмаслик, уни тезроқ унутиб, яъни тарихга айлантириб, бутун диққат эътиборимизни навбатдаги ўйинга ва янги янги ғалабаларга қаратамиз.
– Куни кеча Ўзбекистон Профессионал футбол Лигаси ПРО-Лига иштирокчилари бу йил ҳам ўйинларни тўрт даврали тизимда ўтказишини маълум қилди. Баъзи мухлислар бу тизимни зерикарлироқ, деб баҳолашмоқда. Сизнинг фикрингиз.
– ПРО-Лигада иштирок этишга тайёр жамоалар ҳолатидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, айни пайтда бу тизим энг мақбули. Қани энди зўр жамоалар 12 та ёки 14 та ва ундан ҳам кўпроқ топилса эди, бизга ҳам, ПФЛга ҳам осон ва қулай бўларди.
Зерикарли, деган фикрга эса қўшилиш қийин. Бу йилги иштирокчиларни бир қараб кўринг, деярли барча жамоалар тенг кучли ва рақибларни ажратиш нотўғри бўларди. Янги мавсум қизғин ва шиддатли курашлар остида ўтишига шубҳа ҳам қилмаса бўлади.
– Бу йилги ПРО-Лига мусобақасида катталар билан бир қаторда ёшлар (U-18) жамоаларининг ҳам иштироки мажбурий қилиб белгиланди.
– Жуда фойдали мусобақа, футболимизнинг эртанги куни учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади, деб ҳисоблайман. Ўсиб келаётган ёшларга кенг имконият, катта йўл очиб берилмоқда. Бу тоифадаги футболчиларимиздан миллий терма жамоамиз, қолаверса олимпиячиларимиз учун муносиб номзодлар етишиб чиқиши шубҳасиз. Мухлисларимиз учун ҳам яна битта мусобақа ва ўз-ўзидан ўйинлар сони кўпаяди.

“Шўртан” матбуот хизмати

 

Leave a Reply