“ШЎРТАН” ФУТБОЛ КЛУБИ ТАРИХИ
Ғузорнинг бугунги кунда “Шўртан” номи билан машҳур бўлган футбол жамоаси 1986 йилда “Оқ олтин” номи билан ташкил этилган. Туманда футболнинг илк қадамлари ўтган асрнинг 60 ва 70 – йиллари ўрталарига тўғри келган. Бу вақт оралиғида жамоа турли номлар остида фаолият кўрсатган.
1989 йилдан жамоага “Шўртангаз” газ конлари бошқармаси ҳомийлик қила бошлаган ва шу йилдан бошлаб “Шўртан” номи билан мусобақаларда иштирок этиб келган. Бу даврда жамоага футбол фидойиси марҳум Эшмурод Чоршанбиев раҳбарлик килган. Шу давр мобайнида жамоа бир неча бор 1-лигада иштирок этиш учун ҳаракат қилиб кўрган.
1992 йилда жамоа Республика касаба уюшмалари жамоалари биринчи лига мусобақасида муваффақиятли иштирок этиб, Навоий шаҳрида олтита жамоа ўртасида бўлган 1-лигага ўтиш турнирида қатнашган. Жамоа гарчи шу йили 1-лигага чиқа олмаган бўлса-да, чиройли ўйинлари билан кўпчилик мухлисларининг олқишига сазовор бўлган.
1993 йилда жамоа вилоят биринчилиги учрашувларида мағлубиятсиз иштирок этиб, яна куз ойларида ташкиллаштирилган 1-лигага ўтиш турнирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу сафар вилоят чемпионлари Ангрен шаҳрига йиғилишди. Ушбу турнир якунига кўра, “Шўртан” 1-лигага чиқиш учун ҳар қачонгидан ҳам яқинрок эди. Афсуски жамоа бор-йўғи бир очкони тўплай олмай ортга қайтди.
1994 йилнинг 5 ноябри клуб тарихида зархал ҳарфлар билан битилди. Шу куни “Шўртан” футбол клуби Ғузор туман ҳокимиятидан расман рўйхатдан ўтди ва Профессионал клуб мақомига эга бўлди.
1995 йилда “Шўртан” жамоаси аъзолари мавсум бошиданоқ, 1-лигага чиқишни ўз олдиларига асосий вазифа қилиб қўйишди. Ўша йилги жамоа таркибига эътибор берилса, унинг асоси тажрибали ўйинчилардан ташкил топганлигини кўриш мумкин эди. Шу йили ўзининг чиройли ва ҳужумкор ўйинлари билан “Шўртан” биринчи лигада иштирок этишга хақли эканлигини исботлади. Ғузорликлар вилоят биринчилигининг “А” гуруҳида 14 та учрашув ўтказиб, 13 та ғалаба ва 1 та мағлубият билан тўплар нисбати 69-7 бўлгани ҳолда 30 та очко тўплашди. Ҳал қилувчи финал учрашувида “Б” гуруҳи ғолиби, ҳамшаҳарлари “Ёшлик” жамоасини 1:0 ҳисобида енгиб, 9-17 октябрь кунлари Қарши шаҳрида бўлиб ўтган Тошкент шаҳри ва вилоятлар чемпионларининг 1-лигага ўтиш турнирида иштирок этиш ҳуқуқини киритди.
Ушбу турнирда иштирок этиш учун “Шўртан” жамоасидан ташқари, “Дўстлик” (Каттақўрғон), “Моверопласт” (Хива), “Умид” (Нукус), АСК (Денов) жамоалари ҳам ташриф буюришди. Ўтиш турнирида “Шўртан”нинг ўйин натижалари қуйидагича бўлди:
“Шўртан” – “Моверопласт” – 3:1, “Шўртан” – “Умид” – 4:1, “Шўртан” – “Дўстлик” – 2:1, “Шўртан”- АСК – 2:0.
Шундай қилиб, “Шўртан” янги мавсумдан бошлаб, Ўзбекистон миллий чемпонатининг 1-лигасида иштирок этадиган бўлди. Жамоанинг ушбу муваффақиятини қўлга киритишида клубнинг президенти Н.Ж. Хаққулов (марҳум), футболчилар: А.Раупов, Э.Мирзаев, М.Бильданов, Ш.Оқмирзаев, Э.Назаров, Н.Жўраев, Ш.Номозов, А.Қорахонов, Д.Одилов, А.Қосимов, Икром Норчаев, А.Саидқулов, П.Арслонов, Н.Дониёров, Ш.Тўрақулов, Б.Расулов, Р.Мураев, Ш.Кучимовларнинг хизматлари катта бўлди.
Жамоанинг юксалишига салмоқли ҳисса қўшган инсонларни тилга олганда, воқеалардан олдин кетиб бўлсада, Шуҳрат Оқмирзаевнинг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Шуҳрат Оқмирзаев аввал “Оқ Олтин” деб аталган, кейин “Шўртан” деб ном олган футбол жамоасида 15 йил тўп сурди. 1996 йилда жамоа 1-лига ўйинларида иштирок этиш хуқуқини қўлга киритгандан сўнг у мураббийлик фаолиятини бошлади. Ш.Оқмирзаев бош мураббийлигида “Шўртан” жамоаси 2000 йилда 1-лига жамоалари ўртасида илк маротаба кучли олтиликдан жой олди.
2005 йилда “Шўртан” футбол клуби олий лигага йўлланмани қўлга киритганидан сўнг, Ш.Оқмирзаев ўринбосарлар таркибида мураббийлик фаолиятини давом эттирди. “Шўртан” жамоасининг олий лигадаги биринчи ғалабаси айнан Ш.Оқмирзаев бош мураббийлигида эришилган: “Шўртан” – “Навбаҳор” – 3:1. Иқтидорли мураббий, келажакда ўзбек футболи учун ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши мумкин бўлган ажойиб инсонни бевақт ўлим 2007 йилнинг 28 январида орамиздан олиб кетди. Қашқадарёлик футбол мухлислари, “Шўртаннефтгаз” ишчи-ходимлари ва “Шўртан” футбол клуби жамоасининг юрагида Шуҳрат Оқмирзаевнинг порлоқ хотираси сақланиб қолади.
“Шўртан” футбол жамоаси биринчи лигада ўйин бошлаган дастлабки йилида 27 жамоа ўртасида 20-ўринни эгаллаган бўлса, кейинги 1997 йилги мавсумда анча маҳоратли ўйин кўрсатиб, 22 жамоа ўртасида олиб борилган баҳсларда 9-ўринни эгаллади.
Бироқ бу даврда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида футболнинг жадал суръатлар билан тараққий этиб борганини унутмаслик лозим.
Республика раҳбариятининг спортнинг барча турлари қатори футболни ҳам ривожлантириш борасидаги диққат-эътибори, бу борада қабул қилинган бир неча қарорлар, бу ишга маҳаллий ҳокимиятлар ва бошқа мутассади ташкилотларнинг жалб этилганлиги, футбол жамоаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун кўрилган чора-тадбирлар барча ҳудудларда ўз самарасини бера бошлади. Эндиликда жамоалар олдида ҳар бир ўйинда бир амаллаб муваффақиятга эришиш эмас, балки бутун мавсум давомида яхши ва барқарор ўйин кўрсатиш, ўйинчиларнинг профессионал маҳоратини муттасил ошириб бориш, мавсум давомида стратегия ва тактикани тўғри белгилаш вазифаси туради.
“Шўртан” футбол клуби ҳам худди ана шундай машаққатли, бироқ шарафли йўлни танлади. 2004 йилга келиб биринчи лига Ғарбий зонасида ўйинлар жуда кескин тус олди. Бу зона чемпионатида иштирок этаётган 11 та жамоа ўртасида Сурхандарё вилоятининг “Тўпаланг” жамоаси 1-ўринни эгаллади. 40 та ўйиндан 26 тасини ютиб, 1 та ўйинда дурангга эришган ва 13 та ўйинда мағлубиятга учраган “Шўртан” жамоаси 79 та очко билан иккинчи ўринни қўлга киритди. Лекин ҳали олий лигага чиқиш учун олдинда Шарқий зона ғолиблари Қувасойнинг “Цементчи” ва Тошкентнинг НБУ “Осиё” жамоалари билан бўлиб ўтадиган финал турнири кутиб турарди.
Тўрт жамоа ўртасида бўлиб ўтган шиддатли курашларда “Шўртан” клуби ўзининг ғалабага бўлган ишончи ва иродасини намойиш этди. Ўтказилган уч ўйиннинг иккитасини ғалаба ва биттасини дуранг билан якунлаб, 7 та очко жамғарган ҳолда Ўзбекистон чемпионатининг олий лигасида иштирок этиш учун бериладиган йўлланмани қўлга киритди.
2005 йил жамоа олий лигада ўтказилган 26 та ўйиндан 6 тасида ғалабага эришди. Бир ўйинни дуранг, 19 та ўйинни мағлубият билан якунлаб, 19 та очкони қўлга киритгани ҳолда 13 ўринни эгаллади.
Клуб президенти Илҳом Норчаев жамоа олдига янада масъулиятлироқ
вазифаларни қўйди. Шу боис ҳам жамоанинг 2006 йилги ўйинларида ижобий силжишлар кузатилди. Ўтказилган 30 та ўйиндан 10 тасини ғалаба, 2 тасини дуранг ва 18 тасини мағлубият билан якунлаб, 32 та очкони қўлга киритган жамоа 12 ўрин билан чемпионатни якунлади .
Жамоа ўз таркибини мустаҳкамлаб, ёшартириб боришга алоҳида эътибор қаратди. Албатта, ҳали клуб олдида анча-мунча муамоллар бор эди. Айиниқса, 2007 йилги футбол мавсумининг якуний натижалари “Шўртан” жамоаси ўз олдидаги бу муаммоларни тезроқ ҳал этиб, ўйинларда туб бурилишлар ясаши лозимлигини кўрсатди. Бу мавсумда клуб ўтказилган 30 та ўйиндан 8 тасини ютиб, 5 та ўйинда дуранг ва 17 та ўйиндан мағлубият билан 29 та очко жамғарган ҳолда 13 ўринни эгаллади.
2008 йилда “Шўртан” футбол клуби олдида ғоят масъулиятли вазифалар қўйилди. Эндиликда жамоа тўплаган тажрибалар асосида мамлакат чемпионатининг юқори ўринларига кўтарилиш учун кураш олиб бориши лозим.
Бош мураббий Баҳром Ҳакимов ва жамоа бошлиғи Икром Норчаевлар замонавий футбол услубини етарли даражада ўзлаштирган, малакали раҳбарлар эди. Улар Д.Тошматов ва А. Бакланов каби дарвозабонлар, А.Юсупов, А.Критинин, Д.Досанов, И.Кликунов, У.Қобилов каби ҳимоячилар, А.Геворкян, К.Жўраев, Д.Атоев, А.Власичев, Т.Айзатулов каби ярим ҳимоячилар, Б.Ваҳобов, З.Полвонов, А.Мирзоев каби ҳужумчилардан иборат жамоа профессионал маҳоратини ошира бориб, ҳар бир ўйинни руҳан ва жисмонан юксак савияда ўтказиш учун ҳаракат қилишларига шак-шубҳа йўқ эди.
Шу ўринда “Шўртан” футболи клубига ҳомийлик қилаётган “Шўртаннефтгаз” унитар шуъба корхонаси (ҳозирги МЧЖ) борасида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. 1980 йилда ташкил этилган, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида жойлашган бу корхона асосан газ қазиб олиш ва уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келади. “Шўртаннефтгаз” УШК Республикада давлат аҳамиятига эга, моддий, иқтисодий, ишлаб чиқариш, техника салоҳияти юксак корхоналардан биридир. У республикамизда қазиб олинаётган таббий газ ва газ маҳсулотларининг катта қисмини етказиб беради. Корхона 5 хил турдаги асосий маҳсулотлар ишлаб чиқаради.
Корхона Швейцария, Англия, АҚШ, Исроил каби мамлакатлар билан ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Кейинги пайтларда корхонада олтингугурт, мармар плиталар, нефть маҳсулотларининг ишлаб чиқарила бошлагани мамлакатимиз халқ хўжалигининг ривожига ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилди. “Шўртаннефтгаз” унитар шуъба корхонаси аҳоли турмуш даражасини ошириш, ходимлар саломатлигини яхшилаб бориш ва уларнинг маданий дам олишларини ташкил этиш борасида ҳам хайрли ишларни амалга ошириб келмокда. Корхона томонидан Қарши ва Ғузорда иккита микрорайон, 23 та коттеж ва бир спорт мажмуаси қуриб ишга туширилди. Яккабоғ туманидаги 380 ўринли “Азиз Қориев” номли болалар соғломлаштириш оромгоҳида корхона ходимларининг фарзандларини ёзни мазмунли ўтказишлари, турли спорт турлари, комьпютер билан шуғулланишлари, ҳар хил китоблар ўқишлари, хуллас, янги ўқув йилига соғлом ва бардам бўлиб қайтишлари учун барча шароитлар яратилган.
Корхона ҳомийлигидаги “Шўртан” футбол жамоасининг кўпгина ўйинчилари ушбу корхона ишчилари, ходимларидан етишиб чиққан.
“Шўртаннефтгаз” УШК газ, нефть, нефть маҳсулотлари, олтингугурт, мармар плиталар ва бошқа шу каби халқ хўжалиги учун ғоят зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан бир қаторда, бундан кейин ҳам юртни янада обод қилиш, кишиларнинг турмуш шароитини яхшилаш, спорт-соғломлаштириш ишларини янада ривожлантриш, айниқса, ёшларни мамлакатнинг садоқатли фарзандлари, келажагимизнинг муносиб эгалари қилиб тарбиялаш борасидаги ишларини давом эттирмоқда.
Ўтган йиллар давомида жамоани кўплаб мураббийлар бошқаришди. Жумладан:
1994-1995 йилларда – Эшмурод Чоршанбиевич Чоршанбиев.
1996-1997 йилларда – Геннадий Михайлуца, Макс Хусниддинов.
1998-1999 йилларда – Анвар Сметлаев, Геннадий Михайлуца.
2000 йил – Баҳодир Аҳмедов, Виктор Алешников.
2001-2003 йилларда – Виктор Алешников, Шуҳрат Оқмирзаев.
2004-2005 йилларда – Шамиль Толибов.
2006 йил – Шамиль Толибов, Владимир Павленко, Шуҳрат Оқмирзаев, Рауф Инилеев.
2007 йил – Зоир Тўрақулов, Сеид Сеидов, Владимир Пачко.
2008 йил – Тачмурад Агамурадов, Зоир Тўрақулов.
2008-2009 – йилларда – Баҳром Ҳакимов, Виктор Пасулько.
2009 йил – Усмон Тошев.
2009-2011 йилларда – Эдгар Гесс.
2012 йил – Тачмурад Агамурадов, Ихтиёр Каримов.
2013 йил – Игорь Криушенко, Эдгар Гесс.
2014-2015 йилларда – Мухтор Қурбонов.
2016 йил – Зоир Тўрақулов, Ихтиёр Каримов.
2017 йил – Александр Волков, Ихтиёр Каримов, Геннадий Кочнев.
2018 йил – Асрор Алиқулов, Ёрқин Назаров.