Аввалроқ, Ўзбекистон миллий терма жамоаси келаси йилнинг 27 март куни Марокаш миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказиши хабар қилинганди.
Ўзбекистон Футбол Федерацияси томонидан ўтказилган музокаралар натижасида, миллий терма жамоамиз Эрон терма жамоаси билан ҳам ўртоқлик учрашуви ўтказиши борасида келишувга эришилди. Учрашув 2018 йилнинг 18 май куни Эронда бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Эрон терма жамоаси ЖЧ саралашида Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бир гуруҳдан жой олиб, вакилларимизга қарши учрашувларда 1:0 ва 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва биринчилардан бўлиб ЖЧга йўлланмани қўлга киритганди.
Умуман олганда, Эрон терма жамоаси ЖЧ саралашининг сўнгги босқичида 10та учрашувда 6та ғалабага эришиб, 4та ўйинда дуранг қайд этган. Бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган. Рақиблар дарвозасига 10та гол киритиб, ўз дарвозасидан бор-йўғи 2та гол ўтказиб юборган.
Тажрибали Карлуш Кейруш бошчилигидаги Эрон терма жамоаси сўнгги йиллардаги мундиалларнинг доимий иштирокчиси ҳисобланади.
Эрон миллий терма жамоаси Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини орқали Жаҳон чемпионатига сўнгги тайёргарликни олиб боради. ЖЧ-2018 учрашувлари 14 июнь куни бошланади.
Эрон терма жамоаси Жаҳон чемпионатида «B» гуруҳидан ўрин олган бўлиб, гуруҳдан чиқиш учун Португалия, Испания ва Марокаш терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.