Ўтган йилни Навоийнинг «Қизилқум» жамоасида ўтказган ҳужумчи Отабек Зокиров яқинда АГМК аъзосига айланиб, олмалиқликлар билан бир йиллик шартнома имзолади.
Аввалги мавсум «Қизилқум» либосида 28та ўйинда жами 2023 дақиқа ҳаракат қилган Отабек ўз ҳисобига 6та гол ёздириб қўйди. Виктор Кумиков бошчилигидаги мураббийлар штаби Зокировнинг ҳужум чизиғидаги рақобатни кучайтира олишига ишонмоқда.
Бу ишонч қанчалик оқланишини албатта, вақт кўрсатади. Маҳоратли футболчи биз билан суҳбатда янги жамоаси ва келгусидаги режалари ҳақида гапирди.
– Отабек, ўтган мавсумни «Қи-зилқум»да ўтказдингиз. Лекин кутилмаганда Навоийни тарк этдингиз. Бунинг сабаби фақат шартноманинг якунланганидами?
– Мавсум тугагач, «Қизилқум» клуби раҳбарияти, мураббийлар штаби ва футболчилар билан дўстона кайфиятда хайрлашдик. Жамоадан ўзимнинг шахсий сабабларимга кўра кетдим. Яхши ниятлар билан АГМК клубига ўтдим.
Насиб қилса, янги мавсумни кўтаринки кайфиятда ўтказиб, олмалиқлик мухлисларни чиройли ўйинимиз билан хушнуд этишга интиламиз. Шу ўринда ўз олдимга ҳам юқори мақсад ва талабларни қўйганман. Бунинг учун меҳнат қилишда давом этаман.
– Ўтган мавсумдаги иштирокингиздан кўнглингиз тўлдими?
– Умумий олганда, ҳа! Лекин бунданда сермаҳсулроқ ўйин кўрсатишим мумкин эди. Фурсатдан фойдаланиб, «Қизилқум» раҳбариятига миннатдорчилик билдираман ва янги мавсумда уларга омад тилайман.
– «Қизилқум»да ҳужум чизиғида ўйнадингизми?
– Жамоа бош мураббийи Ҳамид Актамов мени кўпроқ қанотларда синаб кўрди. Ўзимга марказий ҳужумда ўйнаш маъқулроқ.
– АГМКдан тушган таклифнинг нимаси сизни ўзига қаратди?
– Яқинларим билан маслаҳатлашгач, АГМКнинг чорловига розилик бердим. Олмалиқда яхши жамоа шаклланди. Қолаверса, бу ерда дўстларим ҳам кўп. Зиммамизга юклатилган вазифани бажаришга ҳаракат қиламиз.
– Жамоага шахсан Виктор Кумиковнинг ўзи чақирдими?
– Таклиф тушган пайтда Виктор Балютович юртига жўнаб кетганди. Сафар олдидан ёрдамчиларига кўз остига олиб қўйган бир гуруҳ футболчиларнинг рўйхатини берган экан. Унда мен ҳам бўлганим учун Мухтор Қурбонов жамоа йиғинига чақирди.
– Кумиков келганидан кейин гаплашдингларми? Бу мураббийнинг кучли жиҳатлари нимада экан?
– Очиғини айтсам, ушбу мутахассис билан танишдиму, лекин бафуржа суҳбатлашганимча йўқ. Мураббийнинг салоҳияти у ўтказаётган машғулотларда шундоққина сезилиб туради.
Хорижда узоқ вақт ишлагани билинади. Қозоғистоннинг «Шахтёр» клуби билан катта натижаларга эришди.
– АГМК билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?
– Келишув бир йилга мўлжалланган.
– Кам эмасми? Умуман, мана шундай қисқа муддатли шартномаларга муносабатингиз қандай? Футболчиларда клубга нисбатан ишонч йўқми ёки аксинчами?
– Ишонч йўқ, дея олмайман. Масалан, бу йил АГМКда асосан бир йиллик битимлар тузилди.
– Мавсумга тайёргарликнинг асосий босқичлари Туркияда ўтказилди. Чемпионатга муносиб тарзда тайёргарлик кўра олдингларми?
– Албатта. Режа бўйича барча тараддуд амалга ошди. Бунинг натижаси чемпионатдаги иштирокимизда кўринади.
– Олмалиқда кучли клубларга қарши кураша оладиган рақобатбардош жамоа шаклландими?
– АГМК олдига юқори ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилган. Жамоа бир неча йилдан бери кучли клубларга муносиб қаршилик кўрсатиб келган ва бу ишни янги мавсумда ҳам уддалай олишига ишонаман.
– «Қизилқум»нинг маош бўйича сиздан қарзи йўқми?
– Йўқ. Ҳисоб-китоб ишлари тўлиқ амалга оширилган.
– Шахсан сиз жорий мавсумдан нималар кутяпсиз? Суперлига номига мос тарзда ўтармикан?
– Кўпчиликнинг фикрича, бу йилги мавсум аввалгиларидан шиддат бобида ажралиб туради. Қизиқарли чемпионат бўлиши кутиляпти.
Шу жиҳатдан олиб қарасак, Суперлиганинг мутлақо ўзгача тарзда ўтишига шубҳа йўқ. Барча жамоалар майдонга худди финал ўйини таассуротида чиқишади. Суперлигада яққол аутсайдер бўлмаса керак.
– Бундай рақобатда кучли олтиликка кириш осон бўлмайди. Шунга ҳам тайёрмисизлар?
– Ҳеч кимга осон бўлмайди, лекин иложсиз нарсанинг ўзи йўқ. Бунинг учун мураббийларнинг айтганини тўлиқ бажариб, ўзимиз ҳам астойдил интилсак, албатта, мақсадимизга эришамиз.
– Клуб раҳбарияти аниқ вазифа қўйдими?
– Жамоамиз кучли тўртликка киришга ҳаракат қилади. Аммо бу билан совринли ўринлар учун курашмаймиз, демоқчимасман.
– Аввалги жамоангизда 9-рақам остида ўйнагандингиз. АГМКда-чи? Умуман, либосдаги сонлар сиз учун муҳим аҳамиятга эгами?
– Алоҳида эътибор қаратмайман. Лекин ёқтирган рақамларим бўлса йўқ демайман. АГМКда «77»ни танладим.
– Отабек, реал қараганда, бу йил чемпионлик учун курашда қайси жамоанинг имкониятини юқорироқ баҳолайсиз?
– Ғолиблик учун курашувчи клублар етарлича. Шу сабабли ҳам олдиндан бир нарса дейиш қийин.
Шунга қарамай, «Локомотив», «Пахтакор», «Насаф» ва «Бунёдкор» бу курашда бошқалардан устунроқ кўриняпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам янги мавсум мухлисларни зериктириб қўймайди.
InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.